Екатеринбургда аёл «жин кириб
қолгани» учун уч нафар фарзандини ўлдирди, деб хабар беради «Екатеринбург Online».
Қотиллик шаҳар марказидаги «Бажовский» турар жой комплексида содир бўлган. Аёлнинг қўшнилари берган маълумотларга кўра, она ўзининг беш ойлик қизи ҳамда 10 ва 15 ёшли ўғилларини ўлдирган. Аёл топилганида жасадлар устида ётган бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, она фарзандларини кабель билан бўғиб ўлдирган.
Shot нашрининг қайд этишича, аёлнинг исми Анастасия бўлиб, у 37 ёшда. «Болаларимни ўлдиришга мажбур бўлдим, чунки ўзим чошгоҳ жинидан ўляпман. Иблис ичингизга кириб олган. Ўғилларимни жин, фаҳш ва такаббурлик эгаллаган. Қизимни васвасага олиб келувчи илон чақиб олган», — деб ёзиб қолдирган аёл эрига.
Бундан ташқари, аёл қолган қариндошларига «Охирзамон бошлангани, шаҳарда жинлар кўплиги, ўзининг фарзандлари эса жаннатда» эканини айтган. Унинг қариндошиларининг таъкидлашича, аёлнинг эри «қаттиққўл инсон» бўлиб, оиласининг бошқа аъзолари билан мулоқотини чеклаган.
Россия Тергов қўмитаси ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатган. Идора ҳолатга изоҳ бермаган, фақат воқеа жойида кучайтирилган тергов-тезкор гуруҳи ишлаётганини маълум қилган. Ҳолатни прокуратура назоратга олган.