Адлия вазирлиги ҳокимларни лавозимига тайинлаш ва номзодини илгари суришни демократик тамойиллар асосида амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Вазирлик бу борада тегишли қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиққан.
Унга кўра:
– ҳокимликка номзодлар халқ депутатлари Кенгашларига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан сиёсий партия аъзолари орасидан таклиф этиш;
– номзод аҳолини қийнаётган устувор муаммоларни ҳал этишга ҳамда чекланган ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ўз дастурини тақдим этиши;
– номзод халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари умумий сонининг камида 2/3 қисмидан иборат кўпчилиги ёқлаб овоз берилганда маъқулланган ҳисобланиши;
– маъқулланган вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши ва лавозимга тайинланиши;
– маъқулланган туман ва шаҳар ҳокимлигига номзод вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши ҳамда лавозимга тайинланиши таклиф этиляпти.