Ўзбекистонда 19 нафар бола ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситаси таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Бу ҳақда “Mint” нашри хабар берди.
Элчихона ходимларига Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (“Ўзфарм”) томонидан партияда этилен гликол борлиги, бу тиббий қоидаларда кўрсатилган меъёрдан 300 баравар юқори эканлиги ҳақида маълум қилинган.
Ҳиндистон фармацевтика экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (“Pharmexcil”) “Marion Biotech” компаниясининг маркетинг рухсатини тўхтатган.
“Pharmexcil” “Marion Biotech” компанияси раҳбари ва бошқарувчи директори Сачин Жайнга йўллаган мактубида шундай дейди:
“Вазиятни назоратга олиш юкланган “Ўзфарм” агентлиги ушбу ҳолатни жиддий эътиборга олди. Элчихона ходимларига “Ўзфарм” агентлиги томонидан дори воситалари партияси таркибида этилен гликоль борлиги, тиббий қоидаларга кўра, рухсат этилганидан 300 баравар кўплиги ҳақида маълум қилинди. Таркибдаги тўғри дори пропилен гликоль бўлиши керак эди”.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди.