Россия Федерацияси фуқароси қор кўчкиси оқибатида ҳалок бўлди

Жорий йилнинг 4 январь куни соат 13:20 атрофида Бўстонлиқ тумани Чимён тоғ ёнбағирларига дам олиш ва чанғи учиш мақсадида чиққан 61 ёшли Россия Федерацияси фуқароси қор кўчкиси хавфи тўғрисидаги огоҳлантиришларга қарамай, тақиқланган ҳудудда чанғи учиб, қор кўчкиси хавфини юзага келтирган ва қор уюмлари остида қолиб ҳалок бўлган. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, ҳодиса содир бўлган жойга Тошкент вилояти ФВБ Бўстонлиқ тумани Ихтисослашган кўп тармоқли бошқармаси Чимён қутқарув отряди қутқарувчилари етиб борган. Олиб борилган қидирув ишлари давомида чанғи учувчисининг жасади қор уюмлари остидан чиқариб олинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча дам олувчилардан техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни, тақиқланган ҳудудларда чанғи учмасликни ва эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўрайди“, — дейилади хабарда.