Наманган ва Андижон аэропортлари фаолияти ноқулай об-ҳаво сабаб чекланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган ва Андижон халқаро аэропортларида қуюқ совуқ туман туфайли кўришнинг ёмонлашиши ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишнинг вақтинча тўхтатилишига олиб келган.
Хусусан, Наманганда кўриниш чегарасининг 700 метргача пасайиб кетиши сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY9816/9821 (Оренбург—Наманган—Иркутск) ва HY9822/94 (Иркутск—Наманган—Тошкент) йўналишлари бўйича рейслари ўзгартирилган.
Air Arabia авиакомпаниясининг G9784/785 (Шаржа—Наманган—Шаржа), шунингдек, Red Wings авиакомпаниясининг WZ4483/4484 (Москва—Наманган—Москва) рейси Тошкент халқаро аэропортидан амалга оширилади.
Ноқулай об-ҳаво шароити (кўриш масофаси 900 метр) Андижон аэропорти ишининг чекланишига ҳам сабаб бўлган. Uzbekistan Airways’нинг HY091 (Тошкент—Фарғона), HY049 (Фарғона—Самарқанд), HY050 (Самарқанд—Фарғона) ва HY092 (Фарғона—Тошкент) рейслари ўзгартирилган йўналиш бўйича амалга оширилади.