Саудия Арабистонида яшовчи аёллар илк бор маҳрамсиз Ҳаж зиёратига ҳужжат топшириши мумкин бўлди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик жорий мавсумда Ҳаж зиёратига бориш истагида бўлган, жумладан, мамлакатда яшаш учун рухсатномага эга бўлган саудиялик аёллар ва мусулмон аёлларни муддатидан олдин рўйхатга олиш имкониятини эълон қилди.
Рўйхатга олиш қоидаларига кўра, электрон анкетага ҳамроҳлик қилувчи маҳрам (эр, ака, ота ёки ўғил) қўшилади. Бу анкетани тўлдирувчи аёлнинг ихтиёрига қўйилган.
Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазир ўринбосари Абдуль Фаттоҳ Машатнинг айтишича, мамлакат расмийлари бу йил Ҳаж зиёратига борувчи аёллар учун маҳрам бўлишини талаб қилмасликка қарор қилган.
Шу билан бирга, у бу ҳолатда мусулмон аёл аёллар гуруҳи таркибида ҳаж зиёратига бориши кераклигини таъкидлаган.