Афғонистонда пневмонияга чалинган болалар сони ортиб бормоқда

Афғонистонда касалхоналар пневмонияга чалинган болалар билан тўлмоқда. Аҳолининг етарли иссиқлик таъминотига эга эмаслиги касаллик ортиши сабабларидан бири бўлмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Ноябрда 6 700 дан ортиқ бола пневмония, йўтал, астма ва бошқа нафас йўли касалликларига чалинган. Мамлакатда 2022 йилда пневмонияга чалинган беш ёшгача бўлган болалар сони 2021 йилга нисбатан 50 фоизга ошган.

“Касалхона даволаниш учун яхши, бу ерда тинч бўламан. Бир ой олдин болам касал эди, уни бу ерга олиб келдим, соғайди. Бироқ яна касалланди”, — дейди кобуллик 22 ёшли аёл.

Шифокорлар минглаб болалар совуқ ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида пневмонияга чалинаётганини айтмоқда.

“Хонам жуда совуқ бўлгани учун болам кўп касал бўлди. Бу қиш мавсумини қандай ўтказаман, деб ўйлаяпман. Ҳатто шифокорлар ҳам боламни уйда иссиқ сақлашни сўради. Фарзандим иккинчи марта пневмонияга учради. Шифокорлар унга йўталга қарши сироп берди, лекин болам тузалмади. Даволаниш нархи 17 долларга бормоқда. Дориларнинг ҳаммасини сотиб олишга қурбим етмади.

Ўтган қишда эримнинг иши бор эди, иқтисодий аҳволимиз ҳозиргидан яхши эди. У “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан бери ишсиз, ҳозир эса кунига 1-3 доллар топади, иқтисодий аҳволимиз ёмон”, — дейди аёл.

“Йил давомида пневмониянинг ошишига сабаб бор. Афсуски, совуқ ҳаво касалликка чалиниш эҳтимолини оширади. Ҳавонинг ифлосланиши ҳам бунга таъсир қилади. Иқтисодий аҳволи оғир бўлганларнинг болалари касалликдан азият чекади”, — дейди Индира Ганди болалар касалхонаси мудири Ориф Ҳассанзай.

Афғонистонлик шифокор Ҳуссайн Афзалий айрим хайрия жамоат ташкилотлари дори-дармонлар берса-да, ҳали ҳам ходимлар етишмаётганини айтмоқда.

“Шифокорлар, мутахассислар, ҳамширалар етишмаяпти. Беморларнинг доимий оқими биз учун катта қийинчилик туғдирмоқда”, — деган у.

Афғонистон оғир иқтисодий инқирозга юз тутмоқда, оилалар етарли иссиқлик таъминоти йўқлигидан қийналмоқда. Бу болалар орасида пневмония кўпайишига олиб келди.