Рецептсиз бериш мумкин бўлмаган дориларни сотганлар уч йилгача қамалади

Рецептсиз бериш мумкин бўлмаган дори воситаларини сотган тадбиркорларга қандай жавобгарлик белгиланган?

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси Муҳаббат Ибрагимова ушбу саволга жавоб берди:

— Қонунчиликка кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар, гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлмаган, рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жаримага сабаб бўлади.

Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни рецептсиз сотиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Дорихоналар мунтазам равишда бундай қонунбузарликни содир этиб келган тақдирда, бу ҳолат лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.
Дорихоналарга тадбиркорлик субъекти деб қаралади. Ҳолбуки, у ерда оқ халат кийган мутахассислар ишлайди. Бу – улар барча фармацевтик талабларга тўлиқ жавоб бериши керак дегани.