Истанбулда теракт уюштирмоқчи бўлган ўзбекистонлик қўлга олинди

Туркия полицияси янги йил арафасида Истанбулда теракт уюштиришни режалаштирган ИШИД террорчилик ташкилотининг икки аъзосини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Sabah” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, гумонланувчилар Ўзбекистон ҳамда Тожикистон фуқаролари бўлиб чиққан.

“Улар 2022 йилнинг 31 декабрь куни янги йил кириб келишидан бир неча соат олдин Истанбулнинг Башакшеҳир туманида уларни кузатиб келаётган полициячилардан қочишга ҳаракат қилган. Аммо полициячилар гумонланувчиларнинг машинаси ғилдиракларига қарата ўқ узишга муваффақ бўлган”, дейилади хабарда.

Ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароси портловчи моддалар бўйича мутахассис ҳисобланиб, унга нисбатан депортация жараёни бошланган.

Маълум бўлишича, жангарилар Афғонистондаги ИШИД террорчилик гуруҳидан кўрсатмалар олган ва портловчи моддалар ёрдамида “қонли” терактни режалаштирган.