Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиқди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видемурожаатда ҳайдовчилар чақирув бўйича ҳаракатланган вақтида йўл қўйилган қоидабузарликлар, хусусан, тезликни ошириш, «полоса»ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жарима қоғозлари келаётганидан шикоят қилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маълум қилишича, ушбу видеомурожаат батафсил ўрганилмоқда, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Шунингдек, 2022 йилнинг 1 ноябрида ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ва Тез тиббий ёрдам хизмати маркази раҳбари ҳамда ССВ автотранспорт бўлими масъул ходимлари иштирокида тез тиббий ёрдам автомобилларининг махсус фото-видео фиксация мосламари орқали қайд этилган йўл ҳаркати қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича келиб чиқаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан учрашув ташкил этилиб, ишчи гуруҳ тузилгани билдириб ўтилган.
Маълумот учун, тез тиббий ёрдам автомобилининг ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларининг 25-банди асосида белгиланган тартибда айрим қоидаларнинг талабларидан четга чиқиши мумкин. Бундай ҳолатда махсус камералар орқали автомобиль қайд этилган тақдирда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.