Тақиқдаги МЧЖ тендердан четлатилди, аммо тақиқ ярим кечаси 10 дақиқада олиб ташланди

Жорий йилнинг 28 декабрь куни Telegram тармоғининг Media24.uz каналида “Тақиқдаги МЧЖ тендердан четлатилди, аммо тақиқ ярим кечаси 10 дақиқада олиб ташланди” номли хабар жойлаштирилган. МИБ ахборот хизмати ушбу хабар бўйича расмий муносабат билдирди.

“Хабар бўйича ўрганиш ишларида, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 19.09.2022 йилдаги қарздор “GRAND ROAD TASHKENT” МЧЖ ҚКдан ундирувчи Н.Ирисбаев фойдасига “Спарк” русумли давлат рақами 01 Q 325 PB траспорт воситасига етказилган жами 9,9 млн сўм моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувига 16.12.2022 йилда келиб тушган ва ижро иши қўзғатилганлиги маълум бўлди.

Ижро ҳаракатлари даврида, қарздорга тегишли барча автотранспорт воситаларига банд солинган.

Шунингдек, ижро этиш жараёнида 19.12.2022 йилда қарздорлик тўлиқ ундирилиб, Н.Ирисбаевнинг пластик ҳисоб рақамига ўтказилган ва қарздор мол-мулкларига қўйилган чекловлар бекор қилинган.

Бундан ташқари, “GRAND ROAD TASHKENT” МЧЖ раҳбари А.А.Сайдалиевнинг 20.12.2022 йилдаги Бюро марказий аппаратига қилган мурожаатига асосан жамиятдан ундирув билан боғлиқ ижро иши 19.12.2022 йилда тамомланиб, чекловлар бекор қилинганлиги ҳақида жавоб хати тақдим қилинган”, дейилади хабарда.