Автотранспорт воситаси суд қарорига кўра, ўз эгасига қайтарилган

Жорий йилнинг 08 январь куни Telegram ижтимоий тармоғининг “Бастион” телеграм каналида “Соққани қил, соққани” сарлавҳаси остида хабар жойланган бўлиб, унда Бюронинг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси С.Ғуломқодиров томонидан Андижон туманлараро судининг қарздор О.Хашимованинг 60 V 005 NA давлат белгили автомашинасини жарима майдонига олиб кириш ҳақидаги ажримига асосан жарима майдонига олиб кирилиб, сўнгра пора эвазига қўйиб юборилганлиги баён этилган.


Иш ҳужжатларига кўра, ФИБ Андижон туманлараро судининг 12.12.2022 йилдаги даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримига асосан қарздор Хашимова Одинахон Ўринбой қизига тегишли “Нексия 3” русумли 60 V 005 NA давлат белгили транспорт воситасини хатлаш белгиланган.


19.12.2022 йилда Бюронинг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси С.Ғуломқодиров томонидан 170122264087-сонли ижро иши юритиш қўзғатилиб, шу куни транспорт воситасига нисбатан тақиқ қўйилган.
28.12.2022 йилда суд ҳужжатида кўрсатилган “Nexia 3” русумли 60 V 005 NA давлат белгили транспорт воситаси Андижон шаҳар ИИБ ЙҲҲБ ходимлари томонидан ушланган ва давлат ижрочиси С.Ғуломқодиров томонидан хатлаш далолатномаси расмийлаштирилган. 28.12.2022 йилда давлат ижрочиси С.Ғуломқодиров томонидан ижро иши юритиш Қонуннинг 41-моддасига асосан тамомланган.


Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 04.01.2023 йилдаги ажримига кўра, аризачи О.Хашимованинг ўзига нисбатан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган ва “ЧЕКИ Инфин банк”нинг О.Хашимовага нисбатан кредит қарзини ундириш тўғрисидаги 19.12.2022 йилдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилинган.


04.01.2023 йилда ундирувчи О.Хашимова ва турмуш ўртоғи Ў.Хошимовлар Бюронинг Андижон шаҳар бўлимига мурожаат қилиб, суд қарори бекор қилинганлиги муносабати билан транспорт воситасини қайтариб беришни талаб қилган ва ушбу суд ҳужжати асосида транспорт воситаси ундирувчи О.Хашимовага қайтариб берилган.
Хабарда С.Ғуломқодировнинг автотранспорт воситасини модий манфаат эвазига бериб юборганлиги ҳақидаги келтирилган важлар асосга эга эмас.