ССВ: Аномал совуқ кунларда барча тиббиёт муассасаларининг узлуксиз ва барқарор ишлаши таъминланади

Хабар қилганимиздек, 10-15 январь кунлари юртимизда аномал совуқ ҳарорат кутилмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида тиббиёт муассасаларининг барқарор ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қуйидаги чора-тадбирлар кўрилди.

Тизимга қарашли даволаш муассасалари учун 436 та қўшимча дизель генератори харид қилиниб, жойларга юборилмоқда.

155 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктларига 260 кВт. қувватга эга қуёш панеллари, 10 300 литр ҳажмли қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.

375 та маҳалла тиббиёт пункти, 50 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар учун 2 352 кВт. қувватга эга қуёш панеллари ҳарид қилинди.

Техник сабабларга кўра, бирор тиббиёт муассасасида генератор ишламай қолса, зудлик билан муаммони бартараф этиш мақсадида барча вилоятларда куну тун хизмат кўрсатувчи навбатчи генераторлар ташкил қилинди.

10-15 январь кунлари тиббиёт муассасалари қай тартибда фаолият кўрсатади?

72 000 нафардан зиёд шифокор ва ҳамширалардан иборат тиббий бригадалар томонидан, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган хонадонлардан хабар олиш, ўз навбатида, “онлайн патронаж” хизмати кўрсатиш йўлга қўйилади.

Амбулатор-поликлиника тизимидаги 19,5 мингдан зиёд кундузги шифохона ўринларида уйдан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилади.

1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника, 1080 та оилавий шифокор пункти ҳамда 1002 та маҳалла тиббиёт пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Республика, вилоят, туман ва шаҳар шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари одатдаги тартибда ишлайди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.

Юртимиз бўйича 2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида куну тун хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларингизга малакали мутахассислардан кечаю кундуз жавоб олишингиз мумкин