Фазлиддин Ғойибназаровнинг қушларни овлагани акс этган тасвирлар тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Рио олимпиадаси ғолиби Фазлиддин Ғоибназаровнинг овда акс этган видео ва суратлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

“Ўрганишлар давомида 2022 йилнинг 30 декабр куни Тошкент вилояти Бекобод тумани Сирдарё дарёсида фуқаро Х.У томонидан қушлар овлангани ва ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар билан биргаликда спортчи Ф. Гаибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушганлиги ўз тасдиғини топди.

Ўрганишлар давомида овни амалга оширган фуқаро Х.У нинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтганлиги аниқланди.

Бироқ, у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузганлиги ва бу билан табиатга зарар етказганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига асосан, ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилди”, дейилади хабарда.