Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев вилоятдаги ташкилот раҳбарларини одамгарчилик қилишга чақирди.
Таъкидланишича, 11 январь куни Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Zoom платформаси орқали йиғилиш ўтказган. Унда вилоят раҳбари айни пайтда долзарб бўлиб турган бир қатор масалаларга тўхталиб, масъулларга топшириқлар берган.
Йиғилишда ҳоким ўзи билан содир бўлган ҳолат ҳақида тўхталиб, 71 ёшли онахонни хизмат автомобилида шифохонага олиб бориб қўйганини, онахон узоқ дуо қилганини эслаб, одамлар йўлларда жамоат транспортларини кутиб, қийналаётганини, раҳбарлар йўл-йўлакай уларни олиб кетса савоб бўлишини айтган.
Ҳамма раҳбарлар хизмат машинасида йўл бўйида кутиб турган йўловчини кўрса, машинасида манзилга олиб кэтсин. Агар касалхонага бораётган бўлса, жойигача элтиб қўйинглар. Ҳеч нарса қилмайди, савоб бўлади, — дейди Зоир Мирзаев.
Вилоят раҳбари, шунингдек, айни кунда кутилаётган муаммоларни ҳал этиш баробарида Ободонлаштириш бўлими ходимлари совқотмаслиги кераклигини, уларга иссиқ овқат, кийим-бош ўз вақтида берилиши зарурлигини таъкидлаган.
Тошкент вилояти ҳокими фаолиятини бошлаётган мактабларга борадиган йўлларни қор ва муздан тозалашга барча куч ва воситалар сафарбар қилиниши шартлигини билдирган.
Мактабларнинг иситиш тизимларини ўрганиш, айниқса, қозонхоналарда сув музлаб қолмаганини текшириш керак. Кўмир билан иситиладиган мактаб печларини эса бир кун аввалдан ёқмаса, исимайди. Халқ таълими бошқармаси ҳар икки соатда фаолият бошлаган ёки бошлаш арафасида турган мактаблардаги ҳолат бўйича вилоят ҳокимига ахборот бериб боради. Вилоят ҳокимлиги томонидан бириктирилган вакиллар ўша ҳудудларда бўлади, мактабга киради, бошқарув сервис компаниялари, касалхоналарга киради, вазиятни назорат қилишда ҳокимларга ёрдам беради, — дейди ҳоким.
Зоир Мирзаев, шунингдек, бозорлардаги нарх-навони ҳам назорат қилиш кераклигини таъкидлаган.Бозорда нарх-наволарнинг назоратини бир дақиқа ҳам сусайтирилмаслигимиз керак. Бекобод шаҳрида ёғ нархи сунъий кўтарилган. Ҳолбуки, захирамизда етарли даражада ёғ маҳсулотимиз бор, — деган вилоят раҳбари.