Бу дегани эртадан бузилиш бошланади дегани эмас — Ботир Зокиров

Бухороликлар шаҳардаги спорт мажмуаси бузилишидан норози бўлиб президентга мурожаат йўллади.

Бунга ҳукуматнинг Бухоро шаҳри марказидаги 29 та бино ва иншоот бузилиб, 32,6 гектар ерда Бухоро туризм маркази қуришга қарор қилингани сабаб бўлган. Бу қурилиш ҳақида 2022 йил 26 декабрда бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилиш баёнида сўз борган.

Вазир бунга жавобан бу ҳали лойиҳа эканини айтмоқда 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров Бухородаги ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

«Марказнинг лойиҳа таклифи бўлгач, жамоатчиликка муҳокама учун қўйилади. Бухоро шаҳрида аҳоли учун алоҳида тақдимот қилиб берилади. Айни вақтда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, холос. Бу дегани эртадан бузилиш бошланади дегани эмас, ҳали охирги нуқта қўйилганича йўқ. Бу ҳозир лойиҳа таклифи, ҳали ЮНEСКО билан келишиш босқичи бор.

Ҳозир марказ тушадиган жойда хатлов ишлари олиб борилмоқда. Яъни тартибга кўра, у ерда қанча бино бор, кимга тегишли экани ҳақида маълумот йиғилади. Агар марказ ўрнида жойлашган бино ва иншоотлар бузиладиган ёки бошқа жойга кўчириладиган бўлса, лойиҳа танловида ютган тадбиркорлик субъекти томонидан ўрнига ўрин қуриб бериш ёки ўрнатилган тартибда компенсация тўлиб берилади. Лойиҳа ва қурилиш ишларига камида икки йил вақт кетади», — дейди вазир.