Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Эрон ҳукуматининг мудофаа вазири собиқ ўринбосари Али-Ризо Акбарийни қатл қилиш ҳақидаги қарорини қоралади. У Британия фуқаролигига эга эди, Эрон ҳукумати уни MI6 фойдасига жосуслик қилишда айблаганди.
«Мен Британия-Эрон фуқароси Али-Ризо Акбарийнинг Эронда қатл қилинганидан ларзага келдим. Бу ўз халқининг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган ёввойи ва ваҳший режим томонидан қилинган шафқатсиз ва номардларча ҳаракат бўлди», — деб ёзди Сунак ўз Twitter’ида.
2000—2008 йилларда Эрон мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Али-Ризо Акбарий осиб ўлдирилди. Британия фуқаролиги бўлган собиқ амалдор Эрон ҳукумати томонидан 2019 йилда ҳибсга олинган, шундан кейин унга Буюк Британия ТИВ MI6 фойдасига жосуслик қилиш айблови қўйилган эди.
Унинг ўзи айтиб беришича, у ўн ой давомида қийноққа солинган ва камера қаршисида ўзи содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбурланган. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ҳукмни «сиёсий мақсадга эга» деб атаб, эронлик мансабдорни озод этишга чақирган эди.