Шавкат Мирзиёев Сингапурда музокараларни бошлаб юборди (фото)

Бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб билан музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон-Сингапур саммитидан аввал Сингапур Президентининг «Истана» саройида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига Фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.

Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи – «Шавкат Мирзиёев орхидеяси» деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.

Ушбу кўркам ва ёйилиб ўсувчи гул Encbi Purple ва Kila Blue орхидеяларининг гибриди ҳисобланади. Узунлиги 45 сантиметр бўлган қат-қат япроқли қўшгуллар, уларнинг ҳар бирида 17 тадан 20 тагача гул ҳосил қилади, ҳар бир гулнинг эни 5 сантиметр атрофида. Оч сиёҳранг барглар ва косачабаргларнинг чети майин бинафшаранг.

Шундан сўнг Президентлар икки томонлама учрашув ўтказдилар.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.