Украинанинг Бровар шаҳрида Давлат Фавқулодда хизматига тегишли бўлган вертолёт қулаб тушган. Бу хабарни Украина Миллий полицияси раҳбари Игорь Клименко тасдиқлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳалокат натижасида мамлакат Ички ишлар вазири Денис Монастирски, унинг ўринбосари Евгений Енин ва Давлат котиби Лубковичлар ҳалок бўлган.
«Биздаги маълумотларга кўра, жами 16 киши вафот этган ва улардан 2 нафари болалар. Ҳалок бўлганларнинг 9 нафари вертолёт бортида бўлган», — дейди Игорь Клименко.
Унинг қўшимча қилишича, жабрланганларнинг 22 нафари шифохонада, улардан 10 нафари болалар. Воқеа жойида махсус хизмат ходимлари ишламоқда, ҳалокат жойини текшириш давом этмоқда.