«Толибон» вакили Илон Маскни асли афғонистонлик эканини иддао қилди

«Толибон» ҳаракати генерали Мобинхон Муҳаммад ўзининг Twitter саҳифасида миллиардер Илон Маск Афғонистонда туғилганини маълум қилди.

«Толибон» вакилининг сўзларига кўра, Илон Маск Афғонистоннинг Логар вилояти, Азар туманида таваллуд топган ва ҳозирда АҚШда қочқин сифатида яшамоқда. Ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Маскка мурожаат қилиб, твитга изоҳ билдиришни сўраган.

Маълумот учун, миллиардер Илон Маск Жанубий Африканинг маъмурий пойтахти Преторияда туғилиб ўсган. У 17 ёшида Канадага кўчиб ўтган ва Кингстондаги Квинс университетида таҳсил олган. У 2 йилдан сўнг АҚШнинг Пенсильвания университетида ўқишни давом эттирган.