Буюк Британия бош вазири Риши Сунак автомобилда ҳаракатланиш пайти хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди. Ланкашир графлиги полицияси «42 ёшли лондонлик фуқаро»га жарима ёзилганини тасдиқлар экан, у рулда эмас, балки йўловчи ўриндиғида ўтирганини маълум қилган.
Бош вазир идораси Р.Сунак ўз хатосига тўлиқ иқрор экани, узр сўрагани ва жаримани албатта тўлашини билдирган. Қайд этилишича, ҳукумат раҳбари Ланкашир графлигида ҳудудларни ривожлантиришга доир дастурларга бағишланган видеосъёмкада хавфсизлик камарини ечган ҳолда ҳаракатланган.
Буюк Британия қонунчилигига мувофиқ автоуловда ҳаракат пайти хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима миқдори 100 фунт стерлингни ташкил этади. Агар қоидабузар полиция қарори устидан судга шикоят қилса-ю, пировардида айбдор деб топилса, жарима миқдори 500 фунтга қадар ошиши мумкин.