Туркманистонда парламент бир палатали қилиб қайта ташкил этиладиган бўлди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлардан “Türkmenistan: Altyn asyr”бар берди.
Қайд этилишича, бугун, 21 январь куни Ашхободда Туркманистон парламентининг икки палатаси – Халқ Маслаҳати (юқори палата) ва Мажлис (қуйи палата)нинг жамоатчилик вакиллари иштирокида қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан жорий йил 11 январь куни Туркманистон парламенти палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурилган ташаббуслар муҳокама қилинган. Хусусан, у Вакиллар палатаси (Халқ Маслаҳати)ни тугатиб, қонун чиқарувчи орган (Миллий Кенгаш)ни бир палатали парламент мажлиси қилиб, қайта ташкил этишни таклиф қилган.
Шунингдек, Халқ Маслаҳати олий вакиллик органига айлантирилиб, кенг ваколатларга эга бўлиши, жумладан, конституция ва конституциявий қонунларни қабул қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Халқ Маслаҳати ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини, мамлакатни ривожлантириш дастурларини ҳам кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
Шунингдек, Халқ ҳокимияти олий вакиллик органи таркибига унинг раиси, президент, Мажлис раиси, Олий суд раиси, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, Мажлис депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакил, Бош прокурор, Адлия вазири, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари киради.