Каттақўрғонда вафот этган ёш келин-куёв бўйича хизмат текширув тайинланди

Каттақўрғонда ёш келин-куёв вафоти билан боғлиқ хабар ўрганилди. Бу ҳақда Бош прокуратура баёнот берди.

Аниқланишича, 16 январь куни Каттақўрғон тумани Олтинсой қишлоғида яшаган 26 ёшли эркак ва унинг 18 ёшли турмуш ўртоғи яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этишган.

Шу куни марҳумлар яқин қариндошлари томонидан дафн этилган, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бироқ, Каттақўрғон тумани ИИБ ва тиббиёт бирлашмасига ҳам келин-куёв вафот этганликлари ҳақида хабар келиб тушмаган.

Марҳумларнинг яқинлари ушбу ҳолат ҳақида ички ишлар органлари ва бошқа ташкилотларга хабар бермаганликлари аниқланган.

Текшириш давомида Каттақўрғон туман ИИБ, туман ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, туман Оила ва хотин қизлар бўлими ҳамда «Самарқанд ҳудудгаз» корхонасига хизмат текширувлари тайинланган.

Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, марҳумларнинг ўлим сабабларига аниқлик киритилмоқда.