Савдо дўконида ёнғин содир бўлди — Сурхондарё

Бугун, 22 январь соат 06:00 да Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги «Янгиобод» маҳалласида жойлашган ЯТТ Т.Рнинг автомобиль эҳтиёт қисмлари савдо дўконида ёнғин юз берди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, ёнғин натижасида дўконнинг 65 квадрат-метр шифт қисми ва ичидаги маҳсулотлари ёнган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 06:07 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни соат 07:40 да ўчирган. Тан жароҳати олганлар йўқ.

Савдо дўконнинг 300 квадрат-метр майдони сақлаб қолинган. Ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.