ЎзЖОКУ ректори, журналист Шерзодхон Қудратхўжа фейсбукдаги саҳифасига тиланчилик билан шуғулланиб юрган хотин-қизлар мамаласини муҳокама ташлади.
Тиланчилик уч кунгача мумкин
Анчадан бери мени бир мавзу ўйлантириб келарди. Лекин кеча ўзимдан ўтиб кетгани учун бу постни ёзишга қарор қилдим.
Кўпинча кечки пайт соат 9 дан 11 гача бўлган маҳалда уйга қайтаман. Биласиз, кечқурун машиналар кам, пиёдалар деярли йўқ. Аммо одатда шу светофор чироғи 30 секунд ёнишига қарамай, қизилга тўхтаган машина борки, қоп-қора либосда, қўлида гўдак боласини тутган аёллар уларнинг ойнасига яқинлашишади. Энг ачинарлиси, қўлида ушлаб олган боласи кўпинча ҳали жуда ҳам кичкина – чақалоқ бўлади.
Кеча ҳам тунда шундай бўлди.
Кечки соат 10 лар атрофида Юнусобод туманидаги 7-касалхонадан (“Шоҳсарой” ресторанига етмасдан) ўтганда тиланчи аёллардан бири машинамга яқинлашди. Биласиз, шу кунларда кечқурунлари яхшигина изғирин, аёзли бўляпти. Кеча ҳам, адашмасам, ҳарорат -7 даража эди. Аёл келганидан сўнг машина ойнасини тушириб, атаганимни бердим ва “Чақалоғингиз неча ойлик?”, деб сўрадим. Аёл: “Чақалоқ бир ойлик”, деб жавоб қайтарди. Светофорда тўхтаб туришимиз қисқа бўлса-да, унга ўзимни қизиқтирган саволларни бера бошладим.
– Наҳот, турмуш ўртоғингиз шундай ҳолатда кўчага чиқарди? – деб сўрадим.
– Иккиқатлигимда турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз, – деди у ийманганча ерга қараб. – Боламга памперс, каша олишим керак. Бошқа чорам йўқ…
– Барибир чақалоғингизни бундай кўтариб юриш яхши эмас, Худо кўрсатмасин, шамоллаб қолса нима бўлади?
– Аллоҳга таваккал қилдим. Ўзи асрасин… Раҳмат сизга.
Аёл юзига бир қўли билан фотиҳа тортгач, боласини бағрига маҳкам босганча ортдаги машинага қараб юра бошлади.
Мен эса саволларимга жавоб олиб улгурмагандим. Шу боис унга яна сўз қотдим:
– Синглим, шу аҳволда кўчага чиқишга мажбур бўлибсиз, айтинг, пул беришдан ташқари яна нима ёрдам қила оламан? Балки иш керакдир сизга?
Шу пайт яшил чироқ ёнди-ю, ортимдаги машиналар пайдар-пай сигнал чала кетди. Чорраҳани бўшатиш ва йўлни очиш учун юриб кетишга мажбур бўлдим.
Йўлда кетарканман, қоронғи, устига устак совуқ бир кунда аёлларнинг чақалоқ билан кўчада юрганини кўриб, миямни жавобсиз саволлар “эговлай” бошлади:
– Шу муслима аёлларимизнинг эрлари борми?
– Агар умр йўлдоши билан ажрашган бўлса, қўлидаги чақалоғи билан кўчага чиқишига ота-онаси, ака-укалари ёки бошқа яқинлари индамай қараб туришибдими?
– Наҳотки улар бу аёлларга қарашишмайди?!
– Худо кўрсатмасин, бирор автомашина унинг ўзига ёки қўлидаги боласига зиён етказса, нима бўлади?
– Хўп, уларнинг яқинлари балки бефарқдир. Аммо бизда маҳалладан бошлаб аёлларга ғамхўрлик қилиш тизими яратилган-ку. Туманларда хотин-қизлар бўйича бир нечта ташкилотлар ишлайди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳақида кўп гапирамиз. Қани ўшалар? Ёки аёллар билан ишлаш, уларнинг оғирини енгил қилишнинг бошқача чораларини кўриш шунчалар қийинми?
– Балки уларни дарров «ППС»нинг автобусида “Панельный”га олиб бормасдан, биз мутасаддилар шу аёллар билан озроқ гаплашиб, ички оламига кириб, муаммоларини ўрганиб, ечим излармиз. Ахир Тошкент чорраҳаларида бу ҳолатда юрган аёллар кўпи билан 200-300 нафар чиқар. Бошқа шаҳарлардачи? Уларга ғамхўрлик қилса бўлади-ку.
– Балки уларга ўзлари учун муносиб иш топиб беришимиз керакдир?
Зотан, тиланчилик уч кунгача мумкин.
Билмадим, уларга балки иш ҳам таклиф қилишгандир. Уларнинг ўзлари бунга рози бўлишмагандир ҳам, буниси энди менга қоронғи. Ва яна бир танишим айтиб қолдики, бу аёллар таклиф қилинган ишдан кўра кўчада тиланчилик қилишни афзал билишар экан.
Аммо…
Аммо масалага биз ечим топмас эканмиз, бугун соат кечки 10-11 ларда кўчада онасининг қўлида турган ва шу аёллар тарбиялаган бу болалар чорраҳадаги тиланчиликни кўриб улғайишса, вақти келиб қандай инсон бўлиб вояга етишади?
Мен кўрган ва айтаётган муаммо, гарчи аллақачон ҳаммамизнинг кўзимиз ўрганиб, дийдамиз қотиб кетган бўлса-да, юзаки муаммо эмас. Чунки жамиятда юксак эҳтиром кўрсатилиши керак бўлган зотлар бугун кўчада ёлғиз…
Улар ёрдамга муҳтож…
Хўш, бу муаммонинг бошланиши, туб илдизи нимада?
Сиз аёлларнинг фарзандини кўтариб тиланчилик қилишига қандай қарайсиз?
Муаммога ечимни қандай топса бўлади?
Фикрларингизни кутаман.
