ЖССТ: “Омикрон”нинг ХBB.1.5 субварианти янги белгилар билан намоён бўлмоқда

Кейинги ойларда қатор давлатларда “омикрон” штаммининг ХBB.1.5 субварианти кенг тарқалмоқда. У ҳозиргача бизга маълум мутациялар орасида энг юқувчани сифатида баҳоланяпти.

Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари хасталик ҳадемай Ер юзи бўйича доминант версияга айланиб, беморлар сони кескин ошиши мумкинлигидан ташвишда.

ЖССТ мутахассислари хулосасига кўра, “кракен” деб номланган ХBB.1.5 субвариантининг ўтган йилдагига нисбатан табиати бирмунча ўзгарган.

Ҳозирча уни юқтирганлар орасида оғир асоратлар кузатилмаётган бўлса-да, аммо бу мутацияга хос янги аломатлар пайдо бўлаётгани бироз хавотирли ҳол.

Масалан, кўнгил айниши ва бел оғриғи шулар сирасидан. Бу белгилар бош оғриғи, диарея, иситма, титроқ, чарчоқ, шунингдек, таъм ва ҳид билиш қобилияти йўқолиши каби симптомлар билан бирга кечмоқда.