Ўзбекистонда вақтинчалик ногиронлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида айтилган.
Қайд этилишича, ушбу амалиёт дастлаб Навоий ва Сирдарё вилоятларида 2023 йилнинг 1 июлидан, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 2023 йил 1 октябрдан, 2024 йил 1 январдан республиканинг бошқа вилоятларида татбиқ этилади.
Шундай қилиб, 2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномаларни қоғоз кўринишида сўраш тақиқланади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда.
2023 йил охирига қадар амбулатор ва стационар шароитда ётган ногиронларни бепул тиббий-ижтимоий реабилитация тадбирлари билан қамраб олиш 30 минг кишига етказилиши керак.
Бунинг натижасида бепул тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларидан фойдаланаётган ногиронлар сони 15 мингдан 30 минг нафарга оширилади. Лойиҳага кўра, жорий йилда 30 тагача оилавий поликлиника, 110 та оилавий врачлик пункти, 520 та туман тиббиёт пункти ташкил этилади.
Хусусан, 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган 12,6 миллион нафар, сурункали касаллиги бўлмаган 40 ёшдан ошган 6,3 миллион нафар ва ундан катта ёшдаги аҳоли юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар саратон касаллигини эрта аниқлаш бўйича профилактик скринингдан ўтказилади.
Орқа мия мушаклари атрофияси бўлган 112 нафар бола дори воситалари билан таъминланади, 250 нафардан ортиқ эшитиш қобилияти заиф болалар кохлеар имплантация (овозни кучайтириб берувчи мосламани ўрнатиш) қилинади, шундан 132 нафар бола нутқ процессорлари билан алмаштирилади.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун 308,4 миллиард сўм йўналтирилади.