Парранда гриппи мутацияга учраши ва мисли кўрилмаган эпидемия билан одамлар учун янада зарар келтириши мумкин, деб хавотирланмоқда мутахассислар. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Парранда гриппининг юқори патогенли штамми — H5N1 га чалиниш бўйича рекорд даражадаги ҳолатлар қушлардан тулки, қундуз ва норка(қоракўзан)ларга ҳам аллақачон ўтган.
Таниқли вирусологларнинг хавотирига кўра, ҳалокатли патогеннинг одамлар орасида тарқалишига бир қадам қолган, бу тўсиқ ҳозирча уни пандемия қўзғатишдан тўхтатиб турибди.
Бутунжаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WОАH) энди сутемизувчиларда турли грипп вируслари аралашиб, одамлар учун “зарарлироқ” бўлган янги штамм пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
H5N1 штаммининг одамлар орасида ўлим даражаси тахминан 50 фоизни ташкил қилади.
1997 йилда одамлар орасида биринчи марта парранда гриппи аниқланганидан буён 900 нафардан камроқ кишида ушбу касаллик қайд этилди, чунки у одамлар орасида осонликча юқмайди. Таққослаш учун, COVID-19 эпидемияси бошланганида ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этган бўлса, Эбола вирусининг эпидемияларда бу кўрсаткич 25 фоиздан 90 фоизгача чиққан.
2021 йил октябрь ойидан буён дунё бўйлаб парранда гриппига чалиниш ҳолатларининг “мисли кўрилмаган” сони қайд этилди. У янги ҳудудларга етиб борди ва ҳайвонлар саломатлигига “ҳалокатли таъсир кўрсатди”, дейилади WОАҲ баёнотида.
Ушбу эпидемия глобал озиқ-овқат хавфсизлиги ва паррандачилик билан шуғулланадиган одамларнинг ҳаётига хавф туғдиради, шунингдек, ёввойи қушлар ва баъзи сутемизувчилар ўлими даражасини хавотирли тарзда оширади.
Буюк Британияда парранда гриппи билан касалланган жониворлар сони рекорд даражада қайд этилди. Ҳозирги эпидемияда Англияда қушлар орасида H5N1 нинг 300 га яқин тасдиқланган ҳолатлари аниқланган.
Аммо вирус сутемизувчилар орасида тарқалаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам хавотир бор, бу эса назарий жиҳатдан касалликнинг одамларга юқишини осонлаштирадиган муаммоли мутацияга учраганини кўрсатади.
Бироқ, сутемизувчилар вирусни ҳақиқатда юқтирганини аниқлаш учун ҳали қўшимча тестлар талаб қилинмоқда.
WОАH баёнотига кўра, ҳозирги вазият H5N1 парранда гриппининг сутемизувчилар организмида яхши мослашиши ҳамда одамлар ва бошқа ҳайвонларга юқиши хавфини кўрсатмоқда.
Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази маълумотларига кўра, парранда гриппидан ўлим даражаси аллақачон дунё бўйлаб 50 фоизни ташкил этмоқда.
WОАH вируснинг сутемизувчилар орасида қандай тарқалишини ўрганиш давом этаётганини таъкидлади.