ЖССТ: Африкада Марбург вируси тарқала бошлади

Экваториал Гвинея мамлакатида илк бор Марбург вируси тарқалиши қайд этилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.

Вирусдан камида тўққиз киши вафот этган. Уларнинг барчаси Ғарбий Киентем провинциясидан.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатда 16 киши касалликка гумон қилиниб, карантинга олинган. Барча беморларда иситма, чарчоқ, бош оғриғи ва қон аралаш қайт қилиш каби характерли аломатлар кузатилган.

ЖССТнинг баёнотига кўра, Марбург вируси одамларга кўршапалаклардан юқиши мумкин. Қолаверса, инфекцияга чалинган беморлардан ажраладиган биологик суюқликлар (қон, тупик, пешоб) билан бевосита алоқа қилиш, шунингдек, турли жисмлар юзалари орқали фаол тарқалади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Марбург вируси Эбола сингари ўта юқумли бўлиб, ҳозирча тасдиқланган даво муолажалари мавжуд эмас. Қолаверса, бу хасталикка қарши вакциналар ҳам яратилмаган.