Хитойда асосан кексалардан иборат оломон кўчаларга чиқиб, тиббий имтиёзлари қисқартирилишига қарши норозилик билдирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, 8 февраль куни Уханда провинция ҳукумати нафақахўрлар ҳукуматдан талаб қилиши мумкин бўлган тиббий харажатлар даражасини пасайтираётганини айтганидан кейин содир бўлган етти кунлик норозилик номойишлари кеча, 15 февраль куни яна авж олган. Ҳукумат қароридан норози қариялар бу сафар нафақат Уханда, балки шимоли-шарқий Далиан шаҳрида ҳам тўпланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда кекса намойишчилар глобал Коммунистик мадҳияни куйлаётгани акс этган. Илгари бу қўшиқ намойишчилар ҳукуматга ёки Коммунистик партияга қарши эмаслигини, фақат ўз шикоятлари ҳал қилинишини хоҳлаётганини билдириш воситаси сифатида ишлатилган.
Гувоҳлар яқин атрофдаги йўлнинг иккала томонидаги полиция шиорлар айтиб юрган юзлаб кекса намойишчиларга кўпроқ одамлар қўшилмаслиги учун ҳудудга киришни тўсиб қўйганини тасдиқлаган. Бироқ Ухан ва Далиан расмийлари сўнгги норозилик намойишлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини ва шунинг учун изоҳ беришга ҳожат йўқлигини айтган. Маҳаллий полиция бўлимларига қилинган қўнғироқлар эса жавобсиз қолган.
Хитойнинг Wеibo ижтимоий медиа платформасида хитой тилида тиббий суғурта маъносини англатувчи хештег оммалашиб кетган, аммо кейинчалик бу хештег тармоқнинг “қайноқ мавзулар” бўлимидан олиб ташланган. Ухандаги энг сўнгги норозилик намойишлари жойига мос келадиган хештеглар, хабарлар ва фотосуратлар ҳам ўчириб ташланган. Хитойнинг кенг қамровли цензура аппарати ҳаракатга келган бўлса ҳам, ижтимоий тармоқларда норозилик билдирган нафақахўрларни қўллаб-қувватлаш давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бундай тиббий суғурта масалалари вилоят даражасида кўриб чиқилади. Бунга қарамасдан, норозилик намойишлари мамлакатнинг турли қисмларига тарқалган. Бу эса Хитойда намойишлар ўтказиш кучига ишонч уйғонганидан дарак беради.