Хитойнинг Сичуан провинцияси Мяньян шаҳрида яшовчи фуқаро ўз ўғлини ёмон баҳолар олгани учун тасодифан япон самурай қиличи билан ўлдириб қўйди ва 12 йилга қамалди. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Ян Цзюньмин бир неча йил олдин хотинига хиёнат қилгани сабабли ажрашган бўлган. Ўшандан бери хитойлик эркак 13 ёшли ўғли билан ёлғиз яшаган. Ёлғиз ота боласининг келажагидан умидвор эди.
Онлайн ўтказилган ота-оналар йиғилишида ўқитувчилар эркакка ўғлининг мактабда ёмон ўқиши ҳақида маълумот берган. Бола ёмон баҳоларга ўқиган ва жисмоний тарбиядан имтиҳонда 100 баллдан 18 балл олган.
Мажлисдан сўнг отаси болани дангасаликда ва ёмон ўқишда айблаган.
“Сиз ҳар доим мени етарлича тиришқоқ бўлмаганим учун айблайсиз. Мен аллақачон кераклича ўқиганман”, деб жавоб берган ўғли.
Унинг бу сўзларидан ғазабланган ота ўғлини самурай қиличи билан урган. Қилич боланинг белида 10 сантиметр чуқурликда жароҳат қолдирган.
Цзюньмин зудлик билан тез ёрдам чақирган, 10 дақиқадан сўнг тиббиёт ходимлари етиб келган. Бола касалхонага ётқизилган. Шифокорлар болани шошилинч операция қилган, бироқ уни қутқара олишмаган. У кўп қон йўқотишдан вафот этган.
Отопси (ўлим сабабини аниқлаш мақсадида жасадни текшириш) ҳолати шуни кўрсатдики, боланинг танасида бошқа, эскироқ жароҳатлар ҳам бўлган. Уларнинг фикрига кўра, бола қайта-қайта калтакланган.
“Мен уни қўрқитмоқчи эдим. Мен энг ёмон ишни энг яхши ният билан қилдим”, деган Ян полицияга.
У қотиллик қуролини интернет-дўкондан сотиб олганини айтган. Сабаби у самурай қиличлари коллекциясини йиғган.
Суд эркакни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди.