Холестерин нима? Уни қандай йўқотса бўлади?

Бирон бир маротаба бўлсада, ўз саломатлигингиз ҳақида қайғуриб, қон топшириб, жавобини олгани борсангиз соҳа ходимларидан «қонингизда холестерин миқдори ошган» деган сўзни эшитасиз-у, бирозгина кайфиятингиз тушгандек бўлади. Ана шунда сизни «Холестерин нима? Ундан қандай қутилсам бўлади» деган савол сизга тинчлик бермай қуйади.

—Аслида-чи, холестерин асалари мумига ўхшаш модда бўлиб, яшашимиз учун ниҳоятда зарур. —дейди Гулистон туман тиббиёт бирлашмаси аҳолини соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Санобар Маҳмудова. — Бош мия, асаб толалари, ҳужайралар қобиғи айнан холестерин моддасидан ташкил топган. Холестериндан гормонлар, айниқса, эркаклик гормони тестостерон ҳосил бўлади. Бинобарин, у камайса, эркаклар яқинликдан бош тортади, аёлларда эса ҳайз тўхтайди. Холестерин даражаси танада паст бўлса, одам депрессияга мойил бўлиб, ўзини асрашга уринмайди. Қон орқали холестерин бутун организмга тарқалади. Унинг меъёри ошса, атеросклероз, қон босимининг кўтарилиши, юрак ва жигар касалликларини қарши олаверинг. Аммо, лекин бу модданинг 80 фоизини жигаримиз ишлаб чиқаради. Халқ орасида яхши ва ёмон холестерин ҳақида гап юради.

Унинг ошиши ҳар доим ҳам овқатланиш тарзига боғлиқ эмас. Баъзи касалликлар ҳисобига керакли модданинг миқдори ошиши, унинг натижасида эса қон томирларни ёғли тиқимлар қоплаши, қон томирлар ўтказувчанлиги йўқолиб, қон қуюқлашиши, юрак зўриқиб ишлаши мумкин.

Мисол учун, буқоқ касали билан оғриган кишилар қонида холестерин юқори бўлади. Семизлик, климакс даври, ирсий касалликлар, қандли диабет, буйрак, юрак ва жигар касалликларида ҳам худди шу ҳолат.

Бундай ҳолга тушмаслик учун трансёғларни камроқ истеъмол қилинг. Чипс, гамбургер, бошқа тез тайёрланадиган таомлар, пишириқлар ейиш мумкинмас. Ушбу озиқ-овқатлар таркибидаги трансёғлар «ёмон» холестерин миқдорини ошиб кетишига сабаб бўлади.

Яхши холестеринни эса сут маҳсулотлари, айниқса сариёғ ва сутдан, тухум, мол гўшти ва балиқдан топасиз. Бу маҳсулотларни меъёрда истеъмол қилишингиз, кайфиятни кўтаради, ҳаракат пайтида керакли қувват билан таъминлайди. асосийси, овқатланишда углеводга бой маҳсулотларни кўпайтирмаслик керак.

Қолаверса, ортиқча вазндан қутулинг. «Яхши» холестерин даражаси 8 фоизга тушиши учун 4,5 кг вазн йўқотиш кифоя.

Кўпроқ ҳаракатланинг. Ҳафтасига 2,5 соат жисмоний ҳаракат қилиш лозим. Кўпроқ пиёда юриш тавсия этилади.

Мева-сабзавот, дуккаклилар. Айниқса, жўхори уни, олма, қуритилган ўрик, ловия жуда фойдали.

Ёнғоқ истеъмол қилинг. Барча турдаги ёнғоқларда «ёмон» холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам берадиган моддалар мавжуд. Лекин унда калория миқдори жуда юқори.