Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сисининг музокаралари бўлиб ўтди

Ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда — газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар ва диний алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Араб тили мутахассисларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди. Ўзбекистон президенти 2024 йилда Арабшунослик глобал форумини биргаликда таклиф этиш ташаббусини илгари сурди.