Қўшма Штатлар G7 мамлакатлари билан биргаликда бугун, 24 февраль куни янги санкциялар пакетини тақдим этади. Бу ҳақда The Washington Post хабар бермоқда.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд янги санкциялар Россия банклари ва Россияга ёрдам кўрсатадиган Хитой компанияларига нисбатан чекловларни ўз ичига олишини маълум қилди.
Янги чекловлар, шунингдек, Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишига йўл қўймаслик ва Россия ҳарбий-саноат комплекси учун юқори технологияли ускуналар импортининг олдини олишга қаратилган.
Бундан ташқари, Нуланднинг таъкидлашича, санкциялар Россияга нисбатан жорий этилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Европадаги Хитой компанияларига таъсир қилади.
Россия—Украина урушининг бир йиллиги муносабати билан 24 февраль куни G7 давлатлари ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини тақдим этиши кутилмоқда.
Bloomberg манбаларига таяниб, янги чекловлар Россиянинг мудофаа ва энергетика соҳалари, молия институтлари, шунингдек, бир неча шахсларга нисбатан қўлланилиши ҳақида хабар бермоқда.
Агентлик суҳбатдошининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари санкциялардан қочиш ва четлаб ўтишнинг олдини олиш, шунингдек, “Россия учинчи давлатлардан оладиган қўллаб-қувватлаш”га путур етказиш билан курашади.