Ота фарзандининг 18 ёшга тўлгунгача бўлган алиментини олдиндан тўлаб берди

Бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижроси сифатини тубдан оширишга катта эътибор берилган. Ҳозирда бу бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг 23.12.2021 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Имарбековдан ундирувчи Д.Имарбекова фойдасига қарамоғидаги вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой топган даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш кўрсатилган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Хонобод шаҳар бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида алимент пуллари мунтазам тўлиқ ундирилган.

Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида қарздор А.Имарбеков фарзанди таъминоти учун 8000 АҚШ доллари кўринишида алимент пулларини олдиндан тўлаб берди.

Натижада, ундирувчи Д.Имарбекова Бюронинг Хонобод шаҳар бўлимига алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича ижро ишини тамомлашни сўраб, мурожаат қилган.

Мурожаатчининг аризасига асосан алимент ундируви билан боғлиқ мазкур ижро иши қонунчиликда белгиланган тартибда тамомланиб, қарздор А.Имарбековнинг республика ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари тикланди.