2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига биноан уй-жойга эга бўлмаганлар учун янги дастур ишлаб чиқилади.
“Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023-йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 1,6 бараварга оширилиб, 90 мингга етказилади. Бунда уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо обектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситаларининг тураргоҳлари, шу жумладан кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилиши таъминланади.
32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат буджетидан етарли маблағлар йўналтирилади.
Бундан ташқари, аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилади.
Халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш учун компаниянинг устав фонди 100 млн АҚШ доллари эквивалентига етказилади. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилади.