Журналистик фаолиятга аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади – Конституциявий қонун лойиҳаси
Конституциявий қонун лойиҳасининг ОАВга бағишланган моддасида журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик ёки аралашганлик учун қонунга мувофиқ жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Яъни, амалдаги Конституциянинг 67-моддаси (Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди) – «Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади», деган матн билан таҳрир қилинмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистондаги ОАВ сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1 962 тага етди.
Жумладан, интернет нашрлари сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етди.
Давлат томонидан ОАВ ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда – бу борада 2022 йил 27 июндаги ПҚ-294 қарор билан ОАВларга солиқ имтиёзлари ва бошқа бир қатор имкониятлар берилган.
Аммо соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар бор. Айрим ОАВ ва журналистлар ҳамон ўз касб фаолиятларида турли тўсиқларга дуч келишмоқда. Ҳанузгача кўплаб давлат органлари ва мансабдорлар очиқлик сиёсатига кўника олишмаяпти.
Ўтган йилларда ОАВ ходимларига бир нечта ҳужумлар уюштирилиб, улар томонидан тайёрланган материлларни тортиб олиш ёки уларни тарқатмасликка мажбурлаш каби ҳолатлар кузатилган.
Шу сабабли давлат органларининг очиқлигини таъминлаш ҳамда журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашишга нисбатан қонунга мувофиқ жавобгарликни кўчайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шавкат Мирзиёев бир неча бор очиқлик сиёсати орқага қайтмайдиган жараён эканлигини таъкидлаган. Шу сабабли ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши Конституцияда қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тараққий этган мамлакатларнинг тарихий тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сўз ва матбуот эркинлигини таъминламай туриб иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигига эришиб бўлмайди. Шундай экан, журналист ва ОАВнинг бемалол ишлашига қўйиб бериш керак. Айрим раҳбарлар, улар учун қанчалик ёқимсиз бўлмасин, ҳақиқатга юз тутишга ўрганиши керак. Бу йўлда конституциявий янги норма ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.