Грузия депутатлари хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида муштлашди. Бу ҳақда “Грузия Online” хабар берди.
Қайд этилишича, қўмита раиси Анри Оханашвили ва мухолифат депутатлари ўртасида дастлаб оғзаки жанжаллашув бўлган. Бу жанжал кейинчалик муштлашувга айланиб кетган.
“Ватанинг йўқ, кимнинг манфаатига хизмат қиласан? Сенинг уйинг йўқ. Сенда давлатчилик ҳисси йўқ”, дейди Оханашвили “Стратегия Агмашенебели” партияси етакчиси Гиоргий Вашадзега.
Барча мухолифат депутатлари мажлис залини тарк этишга мажбур бўлган.
“Биз барча мухолифат депутатларини, жумладан, аёлларни ҳам куч билан қувиб чиқардик. Бино полиция томонидан ўралган, журналистларга рухсат берилмаган. Демак, қонун аллақачон ишлай бошлаган”, дейди мухолифатчи депутат Ека Херхеулидзе журналистларга.
Қонун лойиҳалари муҳокамаси билан бир вақтда парламентга туташ ҳудудда норозилик акцияси бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар қонуннинг қабул қилинишига қарши.
Парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси вакиллари янги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ниятида эканини билдирган. Агар Президент Саломе Зурабишвили вето қўйса, депутатлар уни енгиб ўтишга ҳаракат қилишларини айтган.