Банкомат олдидаги навбат: қулайликлар қишлоқларга қачон етиб боради?

Маълумотларга кўра, бугун масофавий банк хизматларидан фойдаланадиган аҳоли сони 22 миллион нафардан ошиб кетган. Катта шаҳарлардаги йирик савдо марказлари, меҳмонхоналар, бозорларда ўнлаб янги банкоматлар ўрнатилмоқда. Уларнинг узлуксиз фаолият кўрсатиши устидан қатий назорат ўрнатилган. Банкоматлар доимо нақд пул билан тўла ҳолда сақланишига ҳаракат қилинмоқда. Фуқаролар ҳоҳлаган пайтда пластик картадаги пулларини қийинчиликсиз нақдлаштириб олиш имконига эгалар. Натижада ҳар куни юзлаб миллион сўм маблағ нақдлаштирилиб, яна шунчаси электрон шаклга ўтмоқда.

Ҳа, юқоридаги фикрларни ўқир экансиз, кўз олдингизда шаҳар ҳаёти гавдаланиши тайин. Негаки чекка туману, қишлоқларда бу манзараларни топиш қийин. У ерларда ҳам шаҳарлардаги каби ойлик, пенсия ва нафақалар асосан пластик карталарга тушади. Бироқ ҳар қадамда банк филиаллари, ёки банкоматлар йўқ, одамлар пластик карталаридаги пулни нақдлаш учун туман марказларига боришга мажбур. Негаки, аксарият дўконларда терминал йўқ, бўлса ҳам улар сотувчининг кайфиятига қараб ишлайди. Бозорлар ҳақидаку гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Шу боисдан ҳамма ойлик, пенсия тушган заҳотиёқ туман марказига югуриб, навбатга ёзилади.

Қанақа навбат дейсизми? Банкомат олдидаги навбат. Агар кечроқ борилса, навбат келгунча, банкоматда пул тугаб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Шаҳарда яшайдиганлар учун бу гап эртакдай туйилиши мумкин, аммо аксарият қишлоқ аҳолиси учун мана шу XXI аср, мана шу учинчи ренессанс.

“Нақд пул олиш учун навбатлар, айниқса, ой бошида ўқитувчи, тиббиёт ходимлари, нафақахўрлар, давлат хизматчилари маош оладиган пайтда кўпайиб кетади. Маҳалламиздан туман марказига бориш учун сал кам бир соат вақт сарфлаш керак. Табиийки, биз пул олувчилар навбатининг бошига туша олмаймиз, навбатимиз келгунча банкоматларда пул тугаб қолади. Иккинчи, ё учинчи борганда ишимни битириб келган ҳолатларим ҳам бўлган. Йигирма минг билан туман марказига бориб келамиз, камида икки соат вақтимиз кетади, бу ҳам майли, баъзи ҳолларда банкоматлар тушликдан кейин ишлайди, дейди банк ходимлари. Пластик карточкасини кўтариб, олис қишлоқлардан келган инсонлар эса кутиб ўтиришга мажбур. Шу сабабли қишлоқликлар ҳар бир мактаб, врачлик пункти, маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида ҳам банкоматлар ўрнатилиши, йирик шаҳарлар аҳолиси фойдаланаётган имкониятлар улар учун ҳам яратилишини интиқлик билан кутишмоқда. Энг қизиғи нақд пул кўпроқ қишлоқда керак бўлади. Шаҳарда пластик ҳамма жойда ўтса”, дейди Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Арабхона маҳалла фуқароси Саъдулла Усмонов.

“Тошкент вилоятида яшасам ҳам, доим нақд пул билан муаммога дуч келаман. Кўпчилик дўконларда Ҳумо карта учун терминаллар йўқ, аксарияти эса фақат нақд пул билан савдо қилади. Такси, нон олиш учун, бозор-ўчар, буларнинг ҳаммаси учун нақд пул керак. Ойликни тўлалигича пластикка оламиз, лекин ишлата олмай ҳалакмиз. Туман марказига борсак банкомат ишламайди, банкомат ишласа, нақд пул бўлмайди, ёки вақтича иш фаолиятида бўлмайди”, — дейди Қибрай тумани Дўрмон маҳалласида истиқомат қилувчи Дониёр Мирзаев.

Статистикаларга қарасак, йилдан-йилга банкоматлар сони ошаётганига гувоҳ бўламиз. 2019 йилда етти мингга яқин банкомат бўлса, 2022 йилда эса бу кўрсаткич 13 381 тага етган. Аммо уларнинг аксарияти аҳолининг 60 фоизи яшайдиган қишлоқларга эмас, шаҳарларга ўрнатилмоқда. Чекка ҳудудларда эса аҳоли ҳам маблағи, ҳам вақти, ҳам асабини кетказиб, узундан узоқ навбат кутишга маҳкум. Улар қачончага дўконларга терминал келишини, маҳалласига банкомат ўрнатилшини кутиши керак? Яратилаётган қулайликлар пойтахту, шаҳарлардан ортиб, қишлоқларга ҳам етиб борадими ўзи?

Шаҳруза САТТОРОВА