Тошкент вилоятидаги уйларнинг бирида ўнлаб итлар шафқатсизларча сўйилгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Меҳр ва оқибат” жониворларни ҳимоя қилиш ташкилоти маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 март куни “Меҳр ва оқибат” жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотига Тошкент вилоятидаги Аҳмад Яссавий номидаги колхозда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақида ариза келиб тушган. Унда айтилишича, у ердаги уйларнинг бирида итлар ўта шафқатсизларча ўлдирилган.
Ҳолат юзасидан “Меҳр ва Оқибат” кўнгиллилари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда берилган манзилга борган. Улар уй ҳовлисини кўздан кечирганда ерда қон ва ўнлаб ит терилари ётганини кўрган. Бу ишни қилганлар қон ва териларни тупроқ билан беркитмоқчи бўлган. Шунингдек, уй эгаси бу ерда итлар сўйилмаслигини айтган.
Кўнгиллилар ҳовлидаги 35 та ит ва 9 та кучукчани қутқариб қолишга муваффақ бўлган. 10 та ит Гавчег бошпанасига, қолганлари эса “Меҳр” марказига ўтказилган.
Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатлари, жумладан, ўлдирилган итлар қандай ва қаерга етказилгани ўрганилмоқда.