Жорий йилнинг февраль ойида ижтимоий тармоқларда араб давлатларида оммабоп бўлган “бурқа” кийган номаълум аёлнинг “Аёллар эҳтиёт бўлинг” номли видеолавҳаси тарқалди. Унда аёлларнинг ташқи кўриниши танқидга олингани акс этган. Мазкур видео бўйича Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида мазкур видеоролик муаллифи 2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, пойтахтдаги олий таълим муассасаларининг бирида таҳсил олувчи Қ.Ш. эканлиги аниқланди ва жорий йилнинг 2 март куни Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга таклиф этилган.
Суҳбат давомида фуқаро ижтимоий тармоқда аёлларнинг ташқи кўринишига оид муносабатини шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда хорижий сайтларнинг биридан олинган материаллар асосида билдирганлигини, ҳозирги кунда уй шароитида видеолавҳада кўрсатилган ноанъанавий аёллар либосларини (бурқа) тикиш ва аҳолига сотиш билан шуғулланишини маълум қилган.
“Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунига асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ушбу Қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган”, хабарда дейилади.
Таъкидланишича, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва аҳлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган”, дея қўшимча қилинган хабарда.
Шу муносабат билан, суд идоралари томонидан фуқаро Қ.Ш.га нисбатан МЖтКнинг 1842-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида (15 млн сўм) жарима жазоси тайинланди.