Британия ҳукумати Олимпиада ҳомийларига хат ёзиб, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)га россияликлар ва беларуслик спортчиларнинг келаси йилги Париж ўйинларида иштирок этишига рухсат бериш таклифи юзасидан босим ўтказишни сўради. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.
Қайд этилишича, Британия Маданият, ОАВ ва спорт вазири Люси Фрейзер Олимпиаданинг 13 та йирик ҳомийси, жумладан, Cоcа-Cола, Samsung ва Visa компаниялари раҳбарларига ҳукуматнинг хавотирлари баён этилган мактуб йўллаган.
“Биламизки, Россия ҳамда Беларусдаги спорт ва сиёсат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Биз ушбу икки мамлакат спортдан ўзларининг тарғибот мақсадларида фойдаланишига йўл қўймасликка қатъий қарор қилдик”, деб ёзган Фрейзер.
Таъкидлаш жоизки, ХОҚ ўтган йили Украинада уруш бошлангандан кейин руслар ва беларусларга қарши санкциялар эълон қилган. Бироқ совуқ уруш давридаги бойкот кунларига қайтишдан қўрқиб, эндиликда спортчиларни Олимпиадада нейтрал иштирокчи сифатида қатнашиш имкони кўриб чиқилаётганини маълум қилган. Кўплаб давлатлар эса ХОҚнинг бу қарорига қарши чиққан. Хусусан, Британия ҳукумати жорий йилнинг февраль ойида бошқа 34 давлат билан қўшма баёнот чиқариб, ХОҚни россиялик ва беларуслик спортчиларни мусобақаларда қатнашишини тақиқлашга чақирган.
“ХОҚнинг якуний қарорлар қабул қилинмагани ҳақидаги позициясини қайд этиб, биз ХОҚни барча давлатлар талабини эътиборга олишни ва шунга мувофиқ ўз таклифини қайта кўриб чиқишни қатъий талаб қилдик. Олимпиада ҳамкори сифатида мен сизнинг ушбу масала бўйича фикр-мулоҳазаларингизни мамнуният билан қабул қиламан ва баёнотимизда кўтарилган хавотирларни бартараф этиш учун қўмитага босим ўтказишда биз билан бирга бўлишингизни сўрайман”, деб ёзган Фрейзер.