Шимолий Корея сувости кемасидан номаълум ракета учирди, деб хабар бермоқда Yonhap нашри Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб.
Нашр маълумотларига кўра, Пхенян сувости кемасидан иккита “стратегик қанотли ракета” учирилган. Жанубий Корея ҳарбийлари снарядлар КХДР шарқий соҳилидаги Синпхо шаҳридан учирилган деб ҳисобламоқда. Тафсилотлар ҳозирча хабар қилинмаган.
“Бизнинг ҳарбийлар кузатув ва ҳушёрликни ошириб, Қўшма Штатлар билан яқин ҳамкорликда тўлиқ шай ҳолатда”, — дейилади Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг журналистларга юборган баёнотида.
Шимолий Корея марказий телеграф агентлигининг хабар беришича, ракеталар Кенпхо кўрфазида 8.24 Ёнгунг сувости кемасидан учирилган ва Япон денгизидаги нишонга тегган.
“Машғулотлар ушбу қурол тизимининг ишончлилигини тасдиқлади ва республика ядровий тийиб туриш қобилятининг яна бир муҳим таркибий қисми бўлган сувости кучлари тезкор шайлигини синовдан ўтказди”, — дейилади агентлик хабарида.
Шимолий Корея ракеталарининг синови 13 мартда бошланадиган Сеул ва Вашингтон қўшма машғулотлари олдидан амалга оширилди. Пхенян қўшма машғулотларни ўзига қарши “агрессив урушга тайёргарлик” деб баҳолаган.