Ўзбекистонда 2022 йилда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситаларини ишлаб чиқарган Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика фирмасининг лицензияси бекор қилинди. Бу ҳақда “Press Trust of India” хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳиндистоннинг Ноида шаҳрида жойлашган фирманинг лицензияси бугун, 23 март куни Уттар-Прадеш штати ҳукуматининг қарорига кўра, бекор қилинган. Ўзбекистонда ўтган йилнинг декабрь ойида 20 нафар бола ушбу фирма ишлаб чиқарган йўтал сиропларини истеъмол қилиши оқибатида вафот этганидан сўнг ушбу масала юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган эди.
Январь ойида фирма лицензияси вақтинча тўхтатиб қўйилгач, батафсил тергов ишлари бошланган. Терговни штат гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва лицензиялаш бошқармаси олиб борган ва 3 март куни Ноида полицияси фирманиниг уч нафар ходимини ҳибсга олиб, икки директорига нисбатан қидирув эълон қилган. Дори воситалари намунаси Чандиргарх лабораториясида текширилганидан кейин уларнинг 22 таси “стандарт сифатга эга эмас”, (қалбаки) деб топилган. Шу тариқа, фирмага нисбатан Ҳиндистон Жиноят кодексининг қатор моддаларига кўра, дориларни қалбакилаштириш ва шундай воситаларни сотиш, бошқа дори ёки препарат сифатида сотиш, нотўғри маркаланган дори каби жиноятлар бўйича иш қўзғатилган.