Покистонда эркак WhatsApp’га жойлаштирган контенти сабаб ўлимга ҳукм қилинди

Покистон шимоли-ғарбидаги аксилтеррор суди мусулмон эркакни WhatsApp гуруҳида куфрона контент жойлаштирганликда айблаб, ўлимга ҳукм қилди. Бу ҳақда Аl-Arabia хабар берди.

Мусулмонлар кўп бўлган Покистонда куфр жуда нозик масала бўлиб, ҳатто исботланмаган айбловлар ҳам зўравонликни қўзғатиши мумкин. Эркак ҳам Пешовар суди томонидан “Электрон жиноятларнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун ва терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонунга асосан 2021 йилда айбдор деб топилган ва ҳибсга олинган. Айбланувчи ўшандан бери Пешовар марказий қамоқхонасида сақланган.

“Айбланувчи Сайид Муҳаммад Зешан айбдор деб топилганидан сўнг унга нисбатан қатл ҳукми эълон қилинди”, — дейилади суд қарорида.

Покистон расмийлари февраль ойида “куфрона” контентни олиб ташлаш талабларини бажармагани учун Wikipedia веб-энциклопедиясини блоклаганди. Wikipedia компаниясига ушбу маълумотларни ўчириш учун 48 соат вақт берилганди. На нашр, на Покистон расмийлари қайси “куфрона” контентни назарда тутгани ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ Покистон телекоммуникация бошқармаси мазкур контент олиб ташланса, Wikipedia’ни блокдан чиқариш масаласини кўриб чиқишга ваъда берган. Покистон қонунларида куфрга нисбатан ўлим жазоси тайинланади.