Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қайд этилган фойда солиғи бўйича ҳолатларни зудлик билан ўрганиб, тегишли масъулларга чора кўрди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг ҳисоб рақамларидан пуллар солиқ органлари томонидан ноқонуний равишда ечиб олинаётгани тўғрисида эътирозлар тарқалди. Ҳолат ДСҚ томонидан тезкор ўрганилиб, камчиликларга йўл қўйганликлари учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфуллаев эгаллаган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжонов ва бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланган. Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан эса ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланган.
Шу билан бирга, фойда солиғи бўнак тўловлари ҳисобидан бюджетга ундирилган ортиқча маблағларни 28 март куни соат 13:00 га қадар солиқ тўловчиларга тўлиқ қайтариш вазифаси белгиланган.
“Қайд этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар солиқ органларида махсус бошқарма томонидан хизмат текшириши ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига юбориш вазифаси топширилди”, — дейилади хабарда.