Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳрида шахмат бўйича 1-халқаро “Рустам Қосимжонов турнири” старт олди. Мусобақада иштирок этиш учун 9 давлатдан 20 нафар кучли шахматчи Тошкентга келган.
1-турда ғалабага эришган ўзбек шахмати етакчилари Рустам Қосимжонов ва Нодирбек Абдусатторов турнирнинг 2-турида тўқнаш келди. Кўпгина шахмат ишқибозлари эътиборида бўлган баҳсда Абдусатторовнинг қўли баланд келди.
2-турда ўзбекистонлик яна бир шахматчи Жавоҳир Синдоров озарбайжонлик Шаҳриёр Мамадиёровни мағлубиятга учратди. Нодирбек Ёқуббоев эса нидерландиялик Жордан Ван Форестга имкониятни бой берди. Шахматчилар кун дастурида жами 5 тур ўйинида иштирок этади.