Хоразм вилоятида 3 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи томонидан зўрлаб келингани ҳақида хабар қилинганди. Ушбу хабар Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар қизни танлаб олган ва 10 ой давомида (2021 йил май — 2022 йил февраль) моддий рағбат эвазига турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Маълум қилинишича, суд жараёнида барча айбланувчилар “қизлар буни ўз ихтиёри билан қилгани, уларни ҳеч ким мажбурламаганини” айтган.
Суд ҳукмига кўра, меҳрибонлик уйи мудирасига 5 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ёш болалар билан жинсий алоқада бўлган икки масъулга эса 1,5 йилга озодликни чеклаш жазоси белгиланган. Бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартириш ва яшаш тумани чегараларини тарк этиш тақиқланади.
Гап қонун йўқлигида эмас
Иқтисодчи Отабек Бакиров юқоридаги ҳолатга муносабат билдириб, бу вазиятда муаммо қонун йўқлиги эмас, бор қонуннинг ишламаслигида эканини айтди.
“Ҳар гал шунақа даҳшатли кейслар юз берганда қурбонлар, йўқотишлар ва оғриқлар бежизга бўлган бўлмасин деймиз. Лекин ҳаммаси бежизга бўлган бўлади. Шунчаки қурбон берган бўламиз. Хулосалар ва ўзгартиришлар қилинмайди. Қайта ва қайта такрорланаверади”, — деб ёзди у Twitter’да.
“Одатдаги ишдек бўлиб қолган”
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг фикрича, айбдорлар бу жиноятни қўрқмай содир этишига сабаб — жабрланувчилар ҳеч қаерга шикоят қилиб бормаслигига ишончи комил.
“Шунинг учун ҳам қўрқмай ойлаб, эҳтимол, йиллаб шу иш билан шуғулланишган. Нафақат улар, катта эҳтимол билан, бошқалар ҳам. Бу ҳали бор-йўғи адлия бошқармаси, ФВБ — тайинли қудрати йўқ ташкилот вакилларининг қилмиши. Уларки шунчаликка борган бўлса, қудратлилари ҳақида ўйлашга ҳам қўрқасан киши. Бу қандайдир тизимли жараён, анъанами, одатдаги ишдек бўлиб қолган нарса, назаримда”, — дея хавотирларини билдирди у.
“Демак, давлат ташкилотлари бир тийинлик иш қилмаяпти”
Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев ваколатли давлат ташкилотлари ушбу ҳолатдан анча аввал хабардор бўлганини, аммо фақат ижтимоий тармоққа тарқалгандан сўнг “сохта ачинишларга бой баёнотлар” бераётганини таъкидлади.
“Худдики ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай тутиб, дўппи тор келиб қолганидан ноилож берилган баёнотлар. Агар ижтимоий тармоқларда одамлар қаҳр ва ғазаб сочмаганда эди, ушбу ташкилотлар икки дунёда ҳам бу воқеага эътибор қаратиб ўтирмасди.
Ёки агар улар ростдан бугунги кунгача бу воқеадан бехабар бўлган бўлишса, унда бу янада ёмон. Демак, улар бир тийинлик тайинли иш қилишмаяпти, ўз вазифасини тайинли бажаришмаяпти дегани. Ваҳоланки тизим ичида туриб, бу воқеадан бехабар қолиб кетиш учун кўзи кўр, қулоғи кар бўлиш керак
Шахсан мен буни адолатсиз ҳукм деб ҳисоблайман!”, — деди Хушнудбек Худойбердиев.
“Нега жазо бунчалик енгил?”
Яна бир ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов эса айбдорларга берилган жазонинг енгил эканидан таажжубланди.
“Нега жиноятчиларга ЖК 205-модда (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ёхуд 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) жиноятлари ҳам қўшиб малакаланмади? Ахир иккисининг ҳаракатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён етказилган-ку? Нега бу ҳолатда жазо бунчалик енгил?”, — деб савол қўйди у.
“Бу икки педофил пирамиданинг учи холос”
Блогер ва публицист Никита Макаренко ушбу ҳолатда айбдор деб топилган икки мансабдор шунчаки пирамиданинг юқори қисми эканини айтди.
“Мендаги маълумотларга кўра, бу икки судланган педофил пирамиданинг тепасидаги пиёдалар холос. Хоразмда энг катта мансабдорлардан иборат педофиллар гуруҳи бўлган. Улар жазодан бутунлай қутулиб қолишди.
Айни пайтда қизларнинг ҳаёти хавф остида. Зудлик билан уларни Тошкентга олиб келинмаса, гувоҳ сифатида уларни ўлдиришлари мумкин. Уларни қутқаринг”, — деб ёзди Макаренко.