Олмазор, Сергели ва Тошкент туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Кучли шамол ва ёмғир айрим юқори кучланишли электр тармоқларига шикаст етказиши оқибатида электр тармоқларига катта миқдорда талофат етказмаслик учун носозликка қарши ҳимоя тизими ишлаши натижасида Олмазор, Сергели ва Тошкент туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда. Хусусан:
Олмазор туманининг “Аҳил”, “Пахта”, “Янги Тошкент”, “Беруний”, “Шодиёна”, “Истиқбол”, “Олтинсой”, “Бўстанобод”, “Тепа Гузар”, “Ғалаба”, “Табассум”, “Ислом ота” ҳамда “Чуқурсой” маҳаллалари, Тошкент туманининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи “Сағбон” подстанциясидаги юқори кучланишли электр қурилмасида носозлик содир бўлган.
Шунингдек, Сергели туманининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи тармоқда носозлик юзага келган.
Бунинг оқибатида ушбу ҳудудларнинг электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда.
Айни вақтда электр таъминоти корхоналарининг махсус бригадалари томонидан мазкур носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ушбу носозликлар қисқа вақт ичида бартараф этилиб, ҳудудларнинг электр таъминоти қайта тикланади. Юзага келган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дейилади хабарда.