Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази («UzTest») бош ҳисобчиси Акмал Бакиловнинг январ ва феврал ойларида ҳисобланган ойлик даромадлари ҳақида маълумот тарқалди.
Мазкур маълумотга таянилса, Бакилов жорий йил январь ойи учун 157,6 млн сўм, феврал ойи учун эса 310,8 млн сўм ойлик маош олган. Бу икки ойда бош ҳисобчининг жами 468,4 млн сўм маош олганини билдиради.
«Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси Матбуот хизмати ушбу маълумотларга муносабат билдириб, «ҳозирги вақтда ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, хабарнинг нохолис ёки ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини» маълум қилди.
Шунингдек, ўрганишлар якуни бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.
«UzTest» ахборот хизмати бош ҳисобчисининг «иш»и бўйича муносабат бериб турган бир пайтда ижтимоий тармоқларда ушбу давлат муассасасининг раҳбари Жамшид Ғаниевнинг ойлик маошлари кўрсатилган яна бир сурат тарқалди. Ундаги маълумотларга кўра, ташкилот раҳбари январ ойи учун 51 млн сўм, феврал ойи учун эса 85 млн сўм (жами 136 млн сўм) ойлик олган.
Тарқалган маълумотларнинг иккинчи қисми бўйича ҳозирча расмий муносабат билдирилганича йўқ.